Jump to content

Ҳакимхон тўра

From Vikipediya

Ҳакимхонтура - Хўжа Муҳаммад Ҳакимхонтўра бин Сайид Маъсумхон (1802, Қўқонда туғилган) — тарихчи олим, маърифатпарвар. Ҳ. она томондан Қўқон хони Норбўтабийнинг набираси, Олимхоннинг жияни; ота томондан машҳур сўфи шайхлардан Аҳмад Хожаги Косоний (Махдуми Аъзам) авлодидан бўлган. 1822-йилда Ҳ. Тўрақўрғонга, сўнгра Наманган ва Косонга ҳоким қилиб тайинланган. Кейинчалик хоннинг ғазабига дучор бўлиб хонликдан кетказилган. 1824-йилда Ҳ. Оренбургда рус императори Александр И билан учрашган. У Россиядан кейин Туркия, Сурия, Фаластин, Миср орқали Макка ва Мадинага борган. 7 йил Миср, Ара-бистон ва Эронда, 1830 — 1831-йиллар Бухорода яшаган. Умрининг сўнгги йилларида Шаҳрисабзда яшаб, "Мун-тахаб аттаворих" ("Йилномалар тўплами") номли тарихий асар ёзган. Бу асар Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги тарихига оид муҳим манбалардан ҳисобланади. Унда пайғамбарлар ҳақидаги ривоятлар, қад. Эрон, Араб халифалиги, сомонийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар, мўғуллар, темурийлар ва бобурийлар даври тарихидан қисқача маълумотлар берилган. Шунингдек, Бухоро ва Қўқон хонликларининг ташкил топишидан бошлаб 19-асрнинг 40-йилларигача бўлган тарихи батафсил тасвирланган. Унда Россия, араб мамлакатлари ва Эронга қилган саёҳатлари натижасида олган таассуротлари ва шу жумладан, мазкур мамлакат халқларининг турмуши, урф-одатларига оид маълумотлар ҳам ўрин олган. Асарнинг ўзбек ва форс тилларидаги вариантлари мавжуд.

Ҳайдарбек Бобобеков.